Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги тизимида коррупцияга қарши курашиш, ҳалоллик ва юксак касбий этика тамойилларини кенг тарғиб қилиш мақсадида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси магистратурасининг «Бошқарув фанлари» кафедраси профессори, полковник Шариф Раҳимович Қобилов иштирок этиб, «Ҳалоллик – аслзодаликдир!» мавзусида маъруза қилди.
Маърузада коррупциянинг давлат ва жамият тараққиётига салбий таъсири, унинг олдини олишда ҳар бир ходимнинг масъулияти ҳамда Президентимиз томонидан илгари сурилган «Ҳалоллик вакцинаси» ғоясининг мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилди.
Таъкидланганидек, ҳалоллик вакцинаси — инсонда виждонлилик, масъулият, адолат ва қонунларга ҳурмат туйғуларини шакллантирувчи маънавий иммунитетдир. Коррупцияга қарши курашиш эса нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, балки ҳар бир фуқаро ва ходимнинг фаол иштирокини талаб этади.
Тадбир давомида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, хизмат вазифаларини ҳалол ва виждонан бажариш, давлат мулки ва маблағларига эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ҳамда жамоада соғлом муҳитни шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
✅ Ҳалоллик – тараққиёт ва ишончнинг мустаҳкам пойдевори.
???? Тоза юрак ва тоза қўллар билан коррупцияга қарши бирлашайлик!